info@ubtuit.uz
(0362) 224 61 37

Соғлом турмуш тарзи

             Соғлом турмуш тарзи – инсоннинг ҳаёт тарзи бўлиб, бунда киши ўзининг ва атрофдагиларнинг соғлигини сақлаш, мустаҳкамлаш ва касалликларининг олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар мажмуаси тушунилади.
             Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллариданоқ юртбошимиз ташаббуси билан танланган олийжаноб мақсад-“Соғлом зурриёд – соғлом фарзанд – соғлом авлод” концепцияси соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун дастурли амал ҳисобланади. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний соғлом ва маънавий баркамол ёш авлодни тарбиялаш давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизнинг диққат эътиборида бўлиб келмоқда. Дунё олимларининг кўп йиллик илмий тадқиқотлари, тажрибасига асосланган “Соғлом турмуш тарзи” дастуридаги қоида ва талабидан биттаси қуйидагидир: ҳаракатланиш фаоллигига амал қилиш, жисмоний тарбия, спорт билан шуғулланишдир. Ҳар бир инсоннинг биринчи навбатда ёшларнинг маънавий олами, маданияти юксак бўлиши зарур. Чунки “Соғлом турмуш тарзи” қоида ва талабларига амал қилиш учун, одам юксак онгли, қатъятли, иродали бўлиши шарт. Бу сифатлар бошида эса маънавият ва маданият туради;. Оила қуриш инсон ҳаётидаги энг масъулиятли ишлардандир. Мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.Мутахассисларнинг фикрича, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида қизларни ўн олти, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзанднинг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади. Бугунги кунда скрининг текширувлари натижалари шуни кўрсатмоқдаки, болалардаги турли хил аномалиялар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли юзага келаётир. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. Аммо айримлар эрта турмуш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма-шошарлик ва ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишади. Натижада носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолади. Кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли ёш оилалар бузилиб кетади, келин-куёвларнинг ҳаёти издан чиқади. Шундай қилиб, юқорида келтирилган эволюцион омилларга асосланиб, соғлом турмуш тарзини куйидагича таърифлаш мумкин. Соғлом турмуш тарзи, бу — кундалик турмушни биологик ва ижтимоий қонунлар асосида ташкил этиб, саломатликни сақлаш ҳамда мустахкамлашга қаратилган турмуш тарзидир.

admin | 08-10-2018 | 441