info@ubtuit.uz
(0362) 224 61 37

РЕСПУБЛИКА ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ РЕКТОРЛАРИНИНГ АБИТУРИЕНТЛАР, УЛАРНИНГ ОТА-ОНАЛАРИГА МУРОЖААТИ

Ўзининг қўҳна ва қадим тарихига, боқий миллий қадриятларига эга бўлган мамлакатимиз яқин ва узоқ давлатлар билан ўзаро ҳамкорликда янги тамаддун босқичига қадам қўйди. Бу эзгу ишда буюк адибимиз Абдулла Авлоний сўзлари билан айтадиган бўлсак, “таълим ва тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласи”га айланди.
Президентимизнинг шахсий ташаббуслари ва улкан саъй-ҳаракатлари билан бугун таълим тизими бутунлай янгиланиш босқичига кўтарилди.
Биз – кўп сонли ректорлар таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, унга илғор инновацион ғояларни олиб кириш, ёшларнинг истеъдодларини намоён этишлари учун етарлича шарт-шароитлар яратиб бериш билан биргаликда соҳа ривожига салбий таъсир этиши мумкин бўлган ва замонавий таълимнинг оёғига кишан бўлиб турган иллат- порахўрлик ва таъмагирликнинг олдини олиш, ҳар ишда ҳалол ва виждонан йўл тутиш, олий таълим муассасаларини ҳақиқий маънодаги маърифат ва ҳалоллик масканига айлантириш, шунингдек, бу йилги қабул жараёнларини шаффоф, адолатли ва ҳалол ўтказишга ваъда берамиз.
Ҳурматли абитуриентлар!
Ватанимиз, халқимиз ва Президентимиз Сизларга катта умид билан қараб турибди. Сизлар бизнинг келажагимиз. Ҳар соҳада мамлакатимиз равнақининг кафолати саналасиз.
Кўряпсизки, ёшларнинг илм-фан ва касб-ҳунар сирларини эгаллашлари учун юртимизда барча шарт-шароитлар муҳайё қилиб берилмоқда. Бугун ўзингиз учун касб танлаб, ўқишга киришга аҳд қилдингизми, ўз билимингизга, ақл-заковатингизга ва сизларга шу шароитларни яратиб берган Президент ишончига муносиб бўлинг ва муносиб иш қилинг. Кириш имтиҳонларига, тест синовларига пухта тайёргарлик кўриб, бу имтиҳонлардан ўз билимингиз билан ўтишга бел боғланг.
Азиз ота-оналар!
Ҳаммамиз учун фарзанд – азиз, унинг камолини кўриш эса асл орзуимиздир. Бугун замон ўзгармоқда. Ёшларнинг илм даргоҳларига ҳалол ва пок киришлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилди. Афсуски, товламачилар ва фирибгарларнинг дунёқараши ўзгармаяпти. Улар ҳамон эскича ўй-хаёлларда, мўмай ва қинғир йўллар билан даромад топиш илинжида юрибди. Уларнинг тузоғига илиниб қолманг.
Халқимизда “қарс икки қўлдан чиқади” деган нақл бор. “Коррупция тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли бандларига кўра пора берган ҳам, пора олган ҳам қонун олдида тенг жавобгар саналади ва муқаррар жазога тортилади. Фарзандингизга ёрдам бераман десангиз, ноўрин ва пинҳона ҳатти-ҳаракатларга йўл қўйманг! Бу йўлдаги ножўя қадам билингки, кун ўтиб бир кун болангиз келажаги учун қаттиқ зарба бўлиши мумкин. Бир ҳақиқатни унутманг! Пора билан ўқишга кирган инсон, бутун ҳаёти давомида шу пулни қайтариб ишлаб олиш ҳаракатида бўлади. У ўқитувчими ёки шифокор, масъул мутасаддими ёки оддий ишчи қатъий назар олдига келган ҳар бир инсонга “товар” сифатида қарайди ва ундан доимо таъма қилади. Таъма билан суғориладиган қалбда эса яхшилик уруғи унмайди. Таъма ва пора занжирини қабул жараёнларидаёқ узайлик! Токи у бошқа ниш урмасин! Фарзандларимиз қўлида занжир бўлиб, уларни панжара ортига бошламасин!
Бугун замон шиддат билан олдинга қараб кетаётган, глобаллашув жараёнлари бутун дунёни қамраб олаётган, ҳамманинг нигоҳи ёшлар тақдирига қаратилган бир пайтда муҳтарам Президентимиз ва давлатимиз томонидан кучли ва адолатли таълим-тарбия тизими яратиб берилмоқда. Ҳамма гап буни тўғри англаш, Ватан ва халқ олдидаги бурч ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда, ягона мақсад ва ғоя атрофида бирлашишдадир. Бу ғоя эса адолат ва тинчликка, тенглик ва қардошликка асослаган Мустақиллик, Ватан равнақи ва Ўзбекистон ғоясидир!
Унга содиқ қолиш ва биргаликда ҳаракат қилиш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Шундагина биз Президентимиз, халқимиз ва давлатимизнинг ишончини оқлаган бўламиз.

admin | 23-07-2018 | 917